Немис суди франциялик аёлни беш йилга озодликдан
маҳрум қилди. 59 ёшли аёли ёш шериги билан заргарлик
дўконларини ўмариш билан шуғулланган. Улар ўзларини
Форс кўрфазидан келган бадавлат хонимлар сифатида
таништириб, миллион еврога тенг ҳақиқий заргарлик
буюмларини сохтасига алмаштириб қўйишган.
Франциялик аёл ва унинг шериги амалга оширган ўғирлик режаси оригиналлиги билан ажралиб турмаса-да, анчайин самарали бўлган.
Заргарлик дўконига кириб келган аёл ўзини Форс кўрфазилик миллионер аёл,
ҳамроҳини эса қизи деб таништирган. «Она» қимматбаҳо буюмни кўздан кечираётган маҳал «қиз» сотувчини гапга
солиб турган. Сотувчи соҳибжамол қиз билан овора бўлиб, диққатни сусайтирган
маҳал устомон фирибгар аёл ҳақиқий буюмни сохтасига алмаштириб қўйган.
Ўғрилар буюмлар жуда ёққанини, тез орада пул билан қайтишларини айтиб
дўкондан чиқиб кетишган. Шу тариқа бир нечта дўкондан бир миллион евролик
буюмларни ўмаришган. Қизиғи, қаллоблар фақатгина Tiffany сингари нуфузли заргарлик дўконларига боришган. «Она-бола» ўғирланган тақинчоқларни Франциянинг қора бозорида пуллашган.
Улар ҳушёр бир сотувчи туфайли қўлга тушди. «Хонимлар» кетиши билан
қайтариб берилган тақинчоқнинг сохталигини сезиб қолган сотувчи полицияга
хабар берган. Судда франциялик аёл ҳибс унинг фирибгарликни ташлаб, вақтини
неваралари билан ўтказиш режасини чиппакка чиқарганини билдирди. Бироқ
судья бу режага эътибор бериб ўтирмади ва уни беш йилга озодликдан маҳрум қилди. Унинг «қизи» эса уч йил вақтини панжара ортида ўтказадиган бўлди. Парижда юз берган ўғирликдан эса кўпчиликнинг оғзи очилиб қолди. Нуфузли
заргарлик дўконига бостириб кирган икки аёл сотувчиларга қурол ўқталиб,
тақинчоқларни беришларини талаб қилган. Нақ 68 миллион еврога тенг заргарлик
буюмларини олган ўғрилар жуфтакни ростлаб қолган. Кейинроқ маълум
бўлишича, ўғрилар аёл эмас, аёлларга ўхшаб кийиниб олган эркаклар экан. Шу
пайтгача улар қўлга тушгани йўқ. Швецияда юз берган ўғирликнинг суммаси озроқ бўлса-да, аммо унинг қурбони
мамлакатнинг маликаси бўлди. Ўғри қироллик оиласининг таниши бўлиб чиқди,
унинг саройга кириб-чиқиши ҳеч кимда шубҳа уйғотмаган. Қўли эгри йигит бир
неча ой давомида Швеция маликасига тегишли 121 минг долларлик
тақинчоқларни ўғирлаган. У олиб кетган буюмлар орасида ҳатто қироллик
тиараси (бош кийими) ҳам бор. Негадир ўғри тиарани дарёга ташлаб юборган, қолган буюмларни эса бозорда сотган. Ўғирланган буюмларнинг ҳеч бири
топилмади.