Лола Йўлдошева ўзининг навбатдаги яккахон концертига тайёргарликни аллақачон бошлаб юборган...
"Сенга” деб номланган ушбу концерт дастури ноябр ойининг 17-18-19-20 кунлари "Истиқлол” санъат саройида бўлиб ўтади. Энг янги ва энг сара қўшиқлар гулдастасидан тузилган қўшиқлар, театрлаштирилган кўринишлар Лола мухлислари учун ажойиб совға бўлиши кутилмоқда. Бундан ташқари хонанда бугунги кунда актёр Улуғбек Қодиров билан ҳамкорликда яна бир фильмда рол ўйнаяпти. "Режиссёр Лиза Карали мени ўзининг навбатдаги киносига таклиф қилиганидан бошим осмонга етди. Мазкур образим "Ёндиради куйдиради”даги ролимдан тубдан фарқ қилади. Олдинги фильмда пардоз-андозга алоҳида эътибор берадиган замонавий қиз ролини гавдалантирган бўлсам, навбатдаги образим характерида соддалик ва камсуқумлик биринчи планда”, — дейди хонанданинг ўзи. Номи ҳозирча сир тутилаётган фильмнинг монтаж жараёни қизғин давом этмоқда. Қолган маълумотлар билан газетамизнинг келгуси сонларида танишишингиз мумкин.