Google компанияси маълумотига кўра, 2011 йилда YouTubeдаги видеороликлар триллион марта томоша қилинди. Агар сайёрамиз аҳолисининг ҳар бири ушбу сервисдан фойдаланиш имкониятига эга деб тасаввур қилсак, бир киши YouTubeни 140 марта томоша қилган бўлиб чиқади. Ўтган йили YouTube видеороликлари 700 миллиард марта томоша қилингани айтилган эди. YouTube видеохостинги 2005 йилда PayPal тўлов тизимининг собиқ ходимлари Чед Херди, Стив Чен ва Жавод Карим томонидан ишга туширилган эди. 2006 йил ноябрида Google компанияси уни 1,65 миллиард доллар эвазига сотиб олган.