Иримлар нима ўзи? Одамларнинг кузатувлари натижасида келиб чиққан тажрибаси натижасими ёки само аломатларини ўқиш қобилиятими.. Аслида бу муҳим эмас. Муҳими, бу аломатларнинг борлиги. Илло, халқнинг кўп асрлик тажрибасини йўққа чиқариш ҳам тўғри эмас. Албатта, иримларнинг ҳаммасига ҳам ишониб, муккадан кетиш шартмас, шунчаки ҳар эҳтимолга қарши билиб қўйган яхши. Шундай экан бугун об-ҳаво, йўл ва узоқ сафарга чиқиш ҳақидаги иримларни ёдга оламиз… Кузги ҳаво аломатлари: Агар тунда осмонни булут қопласа-ю, шамол кучайса, демак қаттиқ совуқ бўлмайди. Шамол қанчалик қаттиқ бўлса, совуқ бўлиши эҳтимоли шунча кам. Агар ит ер ковлашга тушса, ёмғир ёғади. Ғужанак бўлиб ётиб олса, кун совуқ, чўзилиб ётса, илиқ бўлади. Агар ноябр ойида тунги самода юлдузлар ялтирай бошласа, кучли шамол туриб, ҳаво совуб кетади. Ёмғир ёғаётганда кучли шамол турса, демак ҳаво очилиб кетади. Кузда кун ботар ва кун чиқар маҳаллар қуёш тўқ қизғиш рангда бўлса, ёғингарчилик бўлади. Ғозлар учиб кетса, тез кунда қор ёғади. Туз нам тортиб, юмшаб қолса — намгарчиликдан, қуриса — иссиқ ҳаводан дарак. Чумчуқ кўлмак сувда чўмилаётганини кўрсангиз, кунлар исиб кетади, қарға чўмилаётган бўлса, ёмғирли кун бўлади. Чумчуқ бошини думи билан яширса, кучли шамол ва қаттиқ совуқ бўлади. Қишки аломатлар: Дарахт ва буталарни қуюқ қиров қопласа, қуёшли кун бўлади. Агар тунда ёки тонгда шамол аралаш қаттиқ қор ёғса, кундузи қуёш чиқади. Қор катта-катта ёғса, яқин кунларда ҳаво исиб кетади. Ой равшан бўлса — кун ҳам очиқ бўлади, тунд, хира бўлса, ёмғир ёғади. Булутлар турнақатор тизилишса, кун илийди. Эрталабдан ёққан қор тушдан кейин тинса, ёки кечқурун осмон очиқ бўлса, эртаси куни кучли қор кутинг. Қарғалар дарахтнинг баланд шохларида ўтирса — совуқ ҳаво, пастки шохларида ўтирса — шамолли ҳаво. Баҳорги дараклар: Март ойида тунда шамол кучайса, кун илиши ва ёмғирдан дарак. Илиқ кунда шамол кучайса, яқин кунларда ҳаво исиб кетишини билдиради. Март ойида чақмоқ чақса, кунлар яна совиб кетиши аломатидир. Агар тунда осмон булутга тўлиб, шамол кучайса, қаттиқ совуқ тушмайди. Тўрғай учиб келса, демак иссиқ кунлар бошланади. Жанубдан вақтли қайтган қарғалар баҳор илиқ келишини билдиради. Апрелда ёмғир катта-катта доналаб ёғса, кўпга чўзилмайди. Тонгда гул ва баргларни шабнам босса, ёмғир ёғади. Камалак баланд ва думалоқ шаклда бўлса, кун исийди, аксинча, паст ва текис бўлса, ёғингарчилик бўлади. Тун тинч ва ёруғ бўлса, эртаси куни ёмғир кутинг. Эрталаб туман сув устида ёйилса, об-ҳаво яхши бўлади, тепага кўтарилса, ҳавонинг авзойи бузилади. Об-ҳаво яхши бўлишининг асосий белгиси — осмон текис кулранг булут билан қопланишидир. Шамол қанча кучли эсса, совуқ шунча кучсиз бўлади. Ёз фаслига доир белгилар: Кун ботар томон тиниқ, яъни тилларангдан пуштига ўтадигандек бўлса, демак эртаси куни ҳаво очиқ бўлади. Кундузги осмонни катта-катта булут қопласа, аммо хаво совуқ бўлмаса, жала ва момоқалдироқ кутинг. Кундузи ҳаво тунд ва кун ботар томон қизил бўлса, ёмғир ёғади. Кечга томон шамол кучайса, ҳаво айнийди. Шамол йўналиши соат мили бўйлаб ўзгарса, узоқ муддатли ёғингарчилик бўлади. Агар эрталаб соат 9 гача намозшомгул япроқлари очилмаса, кундузи ёмғир кутинг. |