Наш опрос |
ॐSAYTKA BAXO BERINGॐ
HAMMA JAVOB: 12800013
|
Статистика |
HOZIR SAYTDA: 1 MEXMON: 1 FOYDALANUVCHI: 0 |
|
| | |
|
14:13 " УЧ ҲОЛАТДАН БОШҚАДА ЁЛҒОН ҲАРОМДИР.." |
Аллоҳ таоло: «Ёлғонни фақат Аллоҳнинг оятларига иймон келтирмайдиганларгина тўқирлар. Ана ўшалар ўзлари ёлғончилардир», деган (Наҳл, 105). Бу ояти каримада уқтирилишича, аслида ёлғонни фақат иймонсиз кофирларгина тўқийдилар. Чунки кофирларда савоб, гуноҳ деган тушунча йўқ. Ёлғон гапирса, гуноҳ бўлишига, у дунёда азобланишига ишонч бўлмагани учун ҳам ўйламасдан ёлғон тўқийверадилар. Мўминлар эса, ёлғонни катта гуноҳ, деб биладилар. Ёлғон гапириш туфайли охиратда азобга дучор бўлишларидан қўрқадилар. Одатда, одамлар ёлғонга унчалик эътибор бермайдилар. Ёлғон ёлғончининг ўзига маънавий зарар келтиради, холос, деб ўйлайдилар. Аслини олганда эса, ёлғон йўлида учраган барча нарсага олов пуркаб, куйдириб-ёндириб, янчиб ўтувчи аждаҳо каби ҳамма нарсага зарар етказади. Ҳатто ҳаётнинг барча соҳаларида биринсирин фалокатларга олиб келиши ҳам мумкин. Шу сабабли Исломда бошқалар учун арзимас нарса ҳисобланган ёлғонга жиддий эътибор берилади. Унга қарши курашилади. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бир гўдак болага, мана буни ол, деса-ю, ҳеч нарса бермаса, у одам ёлғончи бўлади», дейдилар. Имом Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда эса, Абдуллоҳ ибн Омир розияллоҳу анҳу қуйидагиларни келтирадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйимизда ўтирган эдилар. Онам менга: «Бу ёққа кел, сенга бир нарса бераман», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам онамдан: «Унга нима бермоқчи эдинг», деб сўрадилар. «Хурмо бермоқчи эдим», деди. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар бирор нарса бермайдиган бўлганингда, сенга бир ёлғон ёзилар эди», дедилар. Ушбу икки ҳадиси шарифни бугунги ҳаётимизга солиштириб кўрсак, атрофимизда нималар бўлаётганини яна ҳам аниқроқ тушунамиз. Ёлғончилик туфайли бошимизга тушган мусибатлар қилмишимизга муқояса қилинганда, бу кўргуликларимиз ҳали оз эканлигини билиб оламиз. Ёлғон фақат ёлғончининг ўзига эмас, ёки ёлғондан бевосита зарар топувчигагина эмас, балки бутун жамиятга, инсониятга зарар етказадиган катта маънавий жиноятдир. Шунинг учун ҳам Исломда бу разолатга нисбатан ўта муросасиз муносабатда бўлинган ва унга ҳеч йўл қўймасликка ҳаракат қилинган. Имом Молик ривоят қилган ҳадиси шарифда Савфон ибн Сулайм розияллоҳу анҳу айтадиларки: «Эй Аллоҳнинг Расули! Мўмин қўрқоқ бўладими?» деб сўралди. «Ҳа», дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули! Мўмин бахил бўладими?» деб сўралди. «Ҳа», дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули! Мўмин ёлғончи бўладими?» деб сўралди. «Йўқ», дедилар». Ушбу ҳадиси шарифдан кўриниб турибдики, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам гарчи бошқа ҳадисларда қўрқоқлик ва бахилликни салбий сифатлар ўлароқ танқид қилган, улардан четланишга амр қилган бўлсалар ҳам, бу ерда ёлғонга нисбатан бу икки салбий сифат арзимас бир ҳол эканини билдирмоқдалар. Шу билан бирга, ёлғон нақадар катта гуноҳ эканлигини, ёлғончи одам мўмин бўлолмаслигини таъкидламоқдалар. Бу фикрни Имом Байҳақий Абу Бакр розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадис ҳам қувватлайди. Бу ҳадисда: «Ёлғон иймондан четлатувчидир», дейилади. Иймон нима, иймонсизлик нима - фарқига борадиган киши учун иймонсизлик нақадар катта бадбахтлик эканлиги маълум. Қўрқоқлик ва бахиллик хусусида сўз юритилганда, айтмоқ лозимки, бу иллатлар кимда мавжуд бўлса, энг аввало, ўша одамнинг ўзи зарар кўради. Одатда, Ислом дини ўз эгасидан бошқага зарари кам етадиган ана шу қўрқокдик ва бахиллик каби гуноҳларга нисбатан, жамиятга, халқ оммасига кўпроқ зарари етадиган гуноҳларга катта эътибор беради. Исломда банданинг ҳаққига зарар етказадиган гуноҳлар қаттиқ қораланади. Аввалги бобларда ҳам таъкид этганимиздек, ёлғиз Яратганнинг ҳаққи бўлса, ўша маълум бир гуноҳни Аллоҳнинг Ўзи кечириб юбориши мумкин. Бироқ, бандаларга, жамиятга зарар етказилса, ўша зарар кўрган банда ва жамият кечирмагунча, Аллоҳ ҳам кечирмайди. Ёлғон эса, кўпчиликка зарар етказадиган мана шундай гуноҳлар қаторига киради. Демак, бир кишининг ёлғончилиги туфайли неча миллионлаб бегуноҳ кишилар жафо чекар экан. Демак, ёлғончининг шахсига, жамиятда эгаллаб турган ўрнига қараб, жамиятга келтирадиган зарарининг даражаси, микдори, кўлами ҳам ўзгариб борар экан. Ёлғоннинг яна бир жирканч кўриниши - алдамчиликдир. Яъни, ўзига ишонган одамни билиб туриб алдаш - унга ёлғон гапиришдир. Буни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам улкан гуноҳ деб атаганлар. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал бу ҳақда қуйидаги ҳадисни ривоят қиладилар: «Энг катта хиёнат - сенга ишонган биродарингга ёлғон гапиришингдир». Ушбу ҳолатларни ҳисобга олиб, Исломда ёлғонга қарши қаттиқ курашилган. Ёлғончилар турли разил сифатлар билан сифатланиб кўрсатилган ва уларга тайинланган жазолар такрор-такрор айтилган. Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда ёлғончилик - мунофиқликнинг учдан бир қисми сифатида баён қилинган: «Мунофиқнинг аломати учтадир: гапирса, ёлғон гапиради, ваъда берса, хилоф қилади, аҳд қилса, алдайди». Демак, ёлғончилик мунофиқликнинг биринчи ва етакчи сифатидир. Ёлғон гапирган одам мунофиқликнинг учдан бирини қилган бўлади. Албатта, ёлғончи ваъдасида турмайди, аҳдига вафо ҳам қилмайди. Оқибатда бундай одам тўлиқ мунофиқ бўлади. Мунофиқлик эса, кофирликдан ҳам ёмонроқдир. Мунофиқлар Қуръони Каримнинг таъбири билан айтганда, жаҳаннамнинг энг тўридан жой оладилар. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ривоят қилган ҳадисда, жумладан, шундай дейилади: Бир одам келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули! Дўзах амали нимадир?» деб сўради. Расулуллоҳ: «Ёлғончиликдир. Агар банда ёлғон гапирса, фожирлик қилади, фожирлик қилса, кофир бўлади, кофир бўлса, дўзахга киради», деб жавоб бердилар. Асбиҳоний Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ота-онага яхшилик қилиш умрни зиёда қилади. Ёлғон ризқни қисқартиради. Дуо қазони қайтаради», деганлар. Ушбу ҳадисда ёлғоннинг бу дунёдаги зарарларидан бири - ризқни камайтириши зикр қилиняпти. Демак, Аллоҳ таоло ёлғончи кишининг уйидан, корхона бошлиғининг корхонасидан, ёлғончи подшоҳнинг юртидан баракотни кўтаради, ризқларини қисқартириб қўяди. Ушбу ҳақиқатни бугунги кун тажрибасида ҳам кўриб турибмиз. Демак, бу дунёю у дунёнинг бахтига эришмоқчи ва икки дунёнинг азоб- уқубатидан, шармандачилигидан қутулмоқчи бўлсак, ёлғондан қутулишимиз зарур экан. Бу ишда каттаю кичиқ эркагу аёл, фуқарою амалдор, шоҳу гадо баробар ҳаракат қилмоғи лозим. Ана шундагина яхшиликдан умид қилсак бўлади. Аллоҳ таоло барчамизни ёлғончиликдан ва ёлғончиларнинг касридан Ўзи асрасин! Омин! Баҳз ибн Ҳакимдан, у отасидан, у бобосидан розияллоҳу анҳум ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қавмни кулдириш учун ёлғон гапирадиганнинг ҳолига вой бўлсин! Вой бўлсин! Вой бўлсин!» дедилар». «Сунан» эгалари ривоят қилишган. Шарҳ: Бундан ҳазил-мутойиба йўли билан ҳам, одамларни кулдириш учун ҳам ёлғон гапириб бўлмаслиги чиқади. Ҳа, ҳазил- мутойиба йўли билан ҳам, одамларни кулдириш учун ҳам фақатгина рост гапириш лозим. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Кишига гуноҳ учун эшитган нарсасини гапирмоқнинг ўзи кифоя қилади», дедилар». Абу Довуд ва Муслим ривоят қилган. Шарҳ: Одамлардан эшитган нарсасини суриштирмай гапиравериш гуноҳ бўлади. Чунки кишилар ўртасида турли асоссиз гаплар юриши маълум ва машҳур. Уларнинг кўпи ёлғон бўлади. Эшитган гапини одамларга гапиравериш ёлғончиликка олиб бориши шундан. Шунинг учун Аллоҳ таоло ҳузурида гуноҳкор бўлишдан қўрққан банда эшитган гапини гап экан деб, гапиравермаслиги лозим Суфён ибн Усайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Энг катта хиёнат сенга ростгўйлик қилаётган биродарингга ёлғон гапиришингдир», дедилар». Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилишган. Шарҳ: Ўзига нисбатан ростгўйлик қилаёттан одамга ёлғон гапириш ҳақиқатан ҳам катта хиёнатдир. Шундоқ ҳам ёлғон гапиришнинг ўзи катта гуноҳ. Аммо ўзига рост гапириб турган одамга билиб туриб ёлғон гапириш ўша одамни менсимаслиқ уни истеҳзо қилиш ва алдаш каби гуноҳларни ҳам ўз ичига олади. Афсуски, кўпчилик худди шу тарзда ёлғончилик қилади. Ёлғончи нобакор ўзига садоқат кўрсатаётган кишини алдайди, ёлғон гапириб уни ҳақорат қилади. Эҳтимол, ёлғончи шу иши билан унга ишонган соддадил кишидан кулар, аммо охиратда, албатта, катта хиёнатчи сифатида жавобини беради ва жазосини тортади. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам учун ёлғондан кўра ёмонроқ қасам йўқ эди. Агар бирор киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида сал бўлса ҳам ёлғончи эканлигини билиб қолсалар, ўша одам тавба қилмагунча қалбларидан чиқармас эдилар», дедилар». Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёлғон қасамга ва ёлгончига бўлган муносабатлари ҳақида сўз кетмоқда. У зот алайҳиссаломнинг назддарида ёлғон қасамдан кўра ёмонроқ нарса йўқ экан. У зот алайҳиссалом арзимаган ёлғон сўз айтган одамдан ҳам ўша одам тавба қилмагунича рози бўлмай юрар эканлар. Демак: 1. Зинҳор ёлғон қасам ичмаслик керак. 2. Арзимаган нарсада ҳам ёлғон гапирмаслик керак. 3. Ёлғончиларга нисбатан муросасиз кураш олиб бориш керак. 4. Билиб-билмай ёлғончилик қилиб қўйган киши дарҳол тавбага шошилиши керак. Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар банда ёлғон гапирса, унинг сассиқ амалидан фаришта ундан бир мил нарига узоқлашади», дедилар». Иккисини Термизий ривоят килган. Шарҳ: Бу қандай даҳшат-а? Бу дунёда бандани қўриб туришга бириктирилган фаришта ҳам унинг ёлғони сассиғидан ҳазар қилиб, ундан қочар экан. Шунинг учун ҳам зинҳор ва зинҳор ёлғон гапирмаслик лозим Умму Кулсум бинти Уқба розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Бу аёл Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга байъат қилган биринчи муҳожиралардан бўлган эди. У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Одамлар орасини ислоҳ қилган каззоб эмас. Хайрни айтади ва хайрни етказади», деганларини эшитган экан. «Мен у зотнинг одамлар «ёлғон» дейдиган нарсадан бирор нарсага рухсат берганларини эшитмаганман. Илло, уч нарсага; урушда, одамлар орасини ислоҳ қилишда ва эрнинг ўз хотинига ва хотиннинг ўз эрига гапиришида рухсат берганлар», деди у». Тўртовлари ривоят қилишган. Абу Довуднинг лафзида: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёлғондан бирор нарсага рухсат берганларини эшитмаганман. Илло, уч нарсани «ёлғончи ҳисобламайман» дер эдилар; одамлар орасини ислоҳ қилган одамни. У бир гапни айтса, ундан ислоҳдан 6ошқани ирода қилмайди. Урушда сўз сўзлаган кишини ва ўз хотинига сўз айтган эрни ҳамда ўз эрига сўз айтган хотинни», дейилган. Шарҳ: Исломда ёлғон ҳаром ва катта гуноҳ ҳисобланса ҳам ундан каттароқ зарарни қайтариш учун уч ҳолатда истисно тариқасида ёлғон ишлатишга рухсат берилган. 1. Одамлар орасини ислоҳ қилиш. Мусулмонларнинг бир-бирлари билан уришиб юришлари жуда ҳам ёмон иш. Бу ёмон иш оқибатида инсонлар ва жамиятлар ораси бузилади. Кишиларнинг бир-бирлари билан хусуматлашишлари, уришишлари барча бало-офатларнинг бошидир. Шунинг учун бу ҳолат пайдо бўлиши билан қандоқ қилиб бўлса ҳам уни бартараф қилишга ўтмоқ зарур. Бу йўлда ҳатто ёлғон гапирилса ҳам рухсат. Чунки одамларнинг орасини ислоҳ қилиш учун ёлғон гапирган одам фақатгина яхшилик учун ёлғон гапиради. 2. Урушда ғалаба қилиш учун. Душман билан бўлаётган қуролли қарама- қаршилик ҳаётмамот жанги бўлади. Бу жангда душман қўлидан келган барча ишларни, жумладан, ёлғонни ҳам ишга солади. Агар аскар енгилса, барча уммат ва миллат душман асорати остида қолади. Шунинг учун ҳам кўпчилик манфаати йўлида душманни доғда қолдириш учун ёлғон гапиришга рухсат берилган. 3. Оиланинг аҳиллигини сақлаб қолиш учун. Ҳар бир жамиятда оиланинг аҳиллиги алоҳида аҳамият касб этади. Аҳил оилада ўсган болалар салоҳиятли фуқаро бўлиб ўсадилар. Ота-онанинг жанжаллари садоси остида ўсган болалар эса салоҳиятли фуқаро бўлишлари қийин. Шунинг учун ҳам эр-хотин орасидаги ўзаро аҳиллик жуда ҳам муҳимдир. Ана ўша аҳилликни сакдаб қолиш мақсадида эр- хотинга бир-бирларига яхши маънода ёлғон гап айтишларига рухсат берилган. Ушбу истисно тариқасида рухсат берилган уч ҳолатдан бошқа ҳолларда ёлғон гапириш мумкин эмас. |
Категория: Islom olami |
Просмотров: 1429 |
Добавил: ๑۩۞۩MUХAMMADYUNUS۩۞۩๑
|
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи. [ Регистрация | Вход ]
| |
|
|