Наш опрос |
ॐSAYTKA BAXO BERINGॐ
HAMMA JAVOB: 12800013
|
Статистика |
HOZIR SAYTDA: 2 MEXMON: 2 FOYDALANUVCHI: 0 |
|
| | |
|
Главная » 2011 » Oktyabr » 11 » Раъно Ярашева УНИ ҲАЛИГАЧА ТЕРГАШЛАРИ, ҚИЗИНИНГ УНГА ЭРИШ ТУЙИЛАДИГАН ЖИҲАТЛАРИ
12:36 Раъно Ярашева УНИ ҲАЛИГАЧА ТЕРГАШЛАРИ, ҚИЗИНИНГ УНГА ЭРИШ ТУЙИЛАДИГАН ЖИҲАТЛАРИ |
Бу галги суҳбатдошимиз Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Раъно Ярашева бўлади. Бир неча йиллардан буён Миллий академик драма театрида самарали меҳнат қилиб келаётган ижодкоримизни сиз таниқли шоира, тадбиркор ва қайнона сифатида ҳам яхши танийсиз. Негаки, қаҳрамонимиз “Аёлнинг жони қирқта бўлади” мақолини “Бир аёлга қирқ ҳунар ҳам оз” мақолига алишганлардан. Унинг тиниб-тинчимаслигига кўпчилик ҳамкасблари ҳавас ҳам қилишади. Демак, актрисамизни янада яхшироқ кашф этамиз...
–Театрда сизнинг қўлингиздан тутган биринчи инсон ким? – Рихси Иброҳимова. – Киноларда кўп кўринмайсиз... – Баъзан кинолардан яхши таклиф бўлмайди. Баъзида эса таклиф қилинганлари ёқмайди. – Оилангиздагиларнинг сизга эриш туйиладиган кундалик одатлари... – Қизимнинг уйқуни яхши кўриши, интернетга ёпишиб қолгани ва онамнинг ҳалигача мени тергашлари эриш туйилади. – Сиз ҳақингизда ҳамма билмайдиган маълумотларни ошкор эта оласизми? – Албатта, кўпчилик мени юмшоқ табиатли, оғир-босиқ, пазанда аёл, деб ўйлайди. Аслида бироз жиззакироқ, ўзига яраша чўрткесар, инжиқ аёлман. Пазандаликда ҳам нўноқроқман. – Томошабин сифатида ҳам, актриса сифатида ҳам ҳалигача сиз ҳайрон қоладиган актрисалар? – Яйра Абдуллаева, Рихси Иброҳимова, Тўти Юсупова, Гулчеҳра Саъдуллаева. – Ҳаётингизда дуч келган олтита салбий ёки ижобий воқеа? – Биринчи қизимнинг тўрт ёшга кирганида тўсатдан дунёдан ўтгани; кейин болалигимдан менга меҳр кўрсатган бувимдан ажралганим; Нодирабегим ролини ўйнаганимдан сўнг мени “ўлди”га чиқаришгани энг салбий воқеалар сифатида юрагимга муҳрланиб қолган. Санъат институтига ўқишга кирганим; ўғлим ва қизимнинг талаба бўлганлари; келин олиб, неварали бўлганимдаги воқеалар эса энг қувончли воқеалар сифатида мени доимо хурсанд қилиб туради. – Қизингиз сиздан ҳалигача нималар учун пул сўрайди? – Кўпинча кийим олиш учун сўрайди. Кейин “Ашула қилдим, студияга пул керак”, – дейди, “Клип қилишим керак экан”, – дейди ва ҳоказо. Куни кеча “Машинанинг ўриндиқларини янгича услубда жиҳозлашим керак”, – деб пул сўради. – Бермасангиз-чи? – Қандай бермайман, ўзи пулларим унда туради-ку. “Тегма”, – десам, “Аллақачон олиб бўлдим”, – дейди, тамом. – Театр саҳнасида сиз ижро этишни истаган қаҳрамонлар образи қайси? – Армон бўлиб қолганлари демоқчисиз-да? “Меҳробдан чаён” асаридаги Раънони энди ўйнай олмайман. Шу армон бўлиб қолди. Нодирабегим, Бибихоним образларини эса ўйнашга муваффақ бўлдим. Аммо алоҳида шу аёлларга бағишланган асарлар саҳналаштирилса ҳам, ўйнаган бўлардим. Сўнгги пайтларда билмадим, негадир бир хокисор шифокор ролини ижро этгим келяпти. – Нега тадбиркор аёлни эмас? Ҳар ҳолда тадбиркорлик сизга бегона эмас-ку... – Тадбиркорни ҳам ижро этсам бўлади, яна раҳбар аёллар образи ҳам мени кўпроқ қизиқтиряпти. Балки, режиссёрлардан шунақа таклиф бўлса, ўйнарман. – Қайси бирига кўпроқ мойилсиз: драмагами ёки комедияга? – Комедияда роса “чочиламиз-да” (кулади). Шундай образларда импровизация “ўлгур” қуйилгандан- қуйилади. Драмада ролнинг назорати кучли бўлади. – Дейлик, комедияда рол беришди. Аммо атрофингизда сиз очилиб ўйнайдиган жамоа йўқ? – Театрда бундай бўлмайди. Театрда таваккалдан кимларнидир чақириб, тиқиб қўйишмайди. Ҳар томонлама бир-бирини тўлдирадиган жамоа йиғилади. Кинода агар шундай ҳолат юзага келадиган бўлса, ўйнамай қўявераман. – Нега? Профессионал актриса сифатида ҳамми? – Ҳа. Негаки, театрда ижро этилган комедия томошабиннинг кайфияти билан боғлиқ бўлади. У қанча яйраб кулса, сизнинг ҳам илҳомингиз жўш ураверади. Кинода томошабиннинг кайфиятини ҳис қилолмайман-ку. Шунинг учун образ ҳам маромига етмаслиги мумкин. Фақат “ўйнаш керакми, ўйнаймиз” қабилида бўлиб қолади. Демоқчиманки, кинода меъёрни топиш қийин. – Сўнгги ижро этган ролларингиздан қониқяпсизми? – Ҳа. Илгари “Қониқмаяпман, актриса ўз ролидан қониқса бўлмайди”, – деган бўлишим мумкин. Лекин бугун қайсидир маънода имкониятим етганча, юрагимнинг қувватига кўра ўйнаяпман ва ўйнаган ролларимдан қониқяпман. – Сиз ҳалигача танбеҳини кўтаришингиз мумкин бўлган шахслар? – Ота-онам ва қизим – Мадина Мумтоз. Дадам – Сайфулла ҳожи 83 ёшга кирдилар, онам – Саодат ая эса 76 ёшни қарши олдилар. Улар менга ҳалигача болалик чоғларидагидек танбеҳ беришади. Уларнинг сафига ҳозир қизим ҳам қўшилди (кулади). Замон айланиб келиб қизлар оналарга танбеҳ берадиган бўлиб қолди. Нима қилай, эшитишга мажбурман. – Сизга даромад келтирадиган йўналишлар кўп. Аммо ҳамон театрда ишлаяпсиз… – Ҳа, чунки мен театрсиз яшолмайман. Театр – жону дилим. Бу даргоҳнинг меҳригиёси бор. Агар “Бўлди, телевидение ёки киноларда доимо банд бўласиз, театрга бормай қўяверинг”, – дейишса ҳам, “Йўқ”, – дейман. Негаки, уч кун томошабиннинг олқиши ёки нигоҳини ҳис қилмасам, касал бўлиб қолсам керак. Мингта ишимни қойиллатиб қилиб қўймайманми, бари бир, театрдаги битта ролимни ижро этгандек кўнглим жойига тушмайди. – Йиллар ўтяпти. Нимадан афсусланасиз? – Айрим сабабларга кўра, яъни касаллик ёки бошқа иш сабаб кўпгина актрисаларимиз, актёрларимизнинг саҳнага чиқа олмаётгани, баъзиларининг эса оламдан ўтишаётгани таъсир қилади. – Хурсанд бўладиган тарафлар ҳам борми? – Ҳа. Бизнинг тенгдошларимиз ҳам катта ёшли актёрлар қаторида устоз, деб ҳисобланаётганимиз. Ортимиздан ёш, истеъдодли актёр ва актрисаларнинг кириб келишаётгани хурсанд қилади. – Нега қизингиз театрда ишламаяпти? Бунга рухсат бермадингизми? – Йўқ. Мадинанинг жуда чиройли овози бор. Кўра била туриб уни хонандаликдан чалғитгим келмади. Шу боис у консерваторияга ўқишга кирди ва хонанда бўлди. Лекин киноларда суратга тушиб, актрисалигини ҳам ташлаб қўйгани йўқ. – Қизингизнинг промоушенидан кўнглингиз тўляптими? – Ҳа. Радиоларда қўшиқлари айланяпти. Клиплар ва бошқа реклама жиҳатлари ҳам йўқ эмас. – Сизга бағишланган “Бевалар” спектакли кинофильм сифатида суратга олинибди... – Тўғри. Мирмақсуд Охунов режиссёрлигида “Бевалар” фильми суратга олинди. Актёрларнинг ҳам кўпчилиги шундайлигича қолди. Насиб этса, октябр ойиларида фильмни мухлисларимиз томоша қилишади. – 50 ёшингиз нишонланганда ажойиб бир китобингиз нашрдан чиқди. Бу катта янгиликка қачон қўл ургандингиз? – Анча йиллардан буён ёзиб бораётганларимни, ниҳоят, нашр этдик. Бу китоб 305 саҳифадан иборат бўлиб, унда 50 йиллик ҳаётим, 25 йиллик ижодий йўлим ва шеърларим, битта пьесам ҳам киритилган. Китобнинг номи “Ортимдаги изларим” деб номланган. – Келинг, шу китобдан ўрин олган бир тўртлик билан суҳбатимизни якунласак. – Марҳамат. Ортимдаги изларим, ғамларим қайғуларим, Гоҳи шодон, гоҳида сарсон юрган кезларим, Ортидаги изларим: ўғлим, она қизларим, Жон қушимга дон берган, ширин набираларим., Ғофирим, Зокирларим... Бахтиёр Расулов суҳбатлашди. |
Категория: Shou-biznes |
Просмотров: 1292 |
Добавил: ๑۩۞۩MUХAMMADYUNUS۩۞۩๑
|
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи. [ Регистрация | Вход ]
| |
|
|