Чили полицияси миллий паркдан каттагина муз бўлагини ўғирлаб олиб кетаётган ҳайдовчини қўлга олди. Дастлабки маълумотларга қараганда, бу муз ресторанларда салқинлантирувчи ичимликларга қўшиш учун мўлжалланган бўлган. Бернардо О'Хиггинс миллий паркидаги қадимги музлик – Хорхе-Монтнинг каттагина қисми ғойиб бўлгани ҳақида 27 январь куни экологлар полицияга хабар беришган. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, полициячилар йўлда рефрижераторни тўхтатишди, унинг кузовида полиэтилен пакетларга жойланган 5,2 тонна муз бор экан. Машина ҳайдовчиси ўғирликда айбланиб ҳибсга олинди, аммо маҳаллий ҳукумат бу оддий ўғирлик бўлибгина қолмай, миллий бойликка зарар етказиш бўлганини таъкидламоқда. Турган гапки, шунча музни ҳайдовчининг бир ўзи олиб кетолмасди, шунинг учун унинг шериклари қидирилмоқда. Чили ресторанлари 5,2 минг тонна музни 3,5 минг песо (7 минг доллар)га жон деб сотиб олган бўларди. Ўмарилган муз қадимий музликдан олингани учун ҳам нархи икки баравар ошиқ бўлиши аниқ. Лекин бу муз сотилмайди, уни эритиб, бир неча ҳафтадан бери қурғоқчиликдан қийналаётган фермер хўжаликларига бўлиб бериш мўлжалланмоқда. Agence France-Presseнинг ёзишича, Хорхе-Монт глобал исишни ўрганишда муҳим аҳамият касб этади: у шиддатли тарзда – йилига 1 квадрат метрдан эриб кетяпти. Хорхе-Монт дунёдаги энг йирик муз массивларидан бири ҳисобланувчи Патагония муз платоси таркибига киради.