Баъзилар «Муҳаббатсиз оила қуриб бўлмайди», деса, бошқалар «Йўқ, бўлади. Ахир буви-боболаримиз бир-бирларини фақат чимилдиқда кўришган-ку?!» деб енгишади. Бу ўринда ягона хулоса айтиш қийин, чунки ҳаётда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Ким учундир муҳаббат асосий қадрият бўлса, бошқа биров учун эса барқарорлик, ишонч, ҳурмат тушунчалари аҳамиятлироқдир. Ҳар ким ўз тажрибаси, дунёқараши, тарбияси, бир сўз билан айтганда, ўз нуқтаи назаридан келиб чиққан ҳолда фикр билдиради. Бугун биз мавзуга доир бир неча ҳаётий вазиятларни мутахассис нуқтаи назаридан таҳлил қиламиз.
1-вазият
«Севмаса ҳам, тушунса эди…»
Дилором Сардорни жонидан ортиқ кўрарди. Уларнинг муҳаббати мактаб давридаёқ бошланиб, бутун қишлоққа овоза бўлган эди. Аммо Сардор шаҳарга ўқишга кетди, Дилоромни эса Маҳкамга турмушга бериб юборишди. Дилором «Сабр қилсам, Сардорни унутарман, эримни севиб қоларман» деб беш йил тишини-тишига қўйди. Аммо эри унинг кўнглини олиш у ёқда турсин, бир марта исмини айтиб чақиришга ҳам ярамади. Ишга боради-келади, онаси ва опаси билан соатлаб суҳбатлашади, кейин... ухлагани ётоққа киради, вассалом. Улар беш йил давомида икки фарзанд кўришди-ю, аммо бир- бирларига бегона бўлиб қолаверишди. Охири Дилором болалари билан ота уйига қайтиб келди. Эри эса уларни олиб кетиш у ёқда турсин, бирров хабар ҳам олмади.
Мутахассис фикри: — Бу жуда ачинарли вазият. Муҳаббат оиланинг ягона шарти эмас, усиз ҳам яшаётганлар бор. Лекин эр-хотин бир том остида яшаб, фарзандларни бирга тарбиялашни исташса, ўртада ҳеч бўлмаса, ўзаро тушуниш ва ишонч туйғулари бўлиши лозим. Балки улар бир-бирига дўст бўлар, балки ҳамкор, хуллас, қандайдир боғлиқлик бўлиши керак. Бир шоир айтганидек, «Сен мени ўзингдан ортиқроқ севма, сен мени ўзимдан ортиқроқ тушун». Дилором бир пайтлар кимнидир севган бўлса, севгандир, бироқ турмушга чиққач, эрига нисбатан қандайдир умид билан боққани аниқ. «Балки эримни севиб қоларман…» дебди-ку! Эр бўлса, «Менга тегдими, тамом, энди ҳеч қаёққа кетмайди. Истаса ҳам, истамаса ҳам борим шу» қабилида иш тутган кўринади. Умуман, оила, бу — икки кишининг меҳнати асосида қуриладиган қўрғон. Эркак киши бир ожизани уйига олиб келдими, унинг ҳам моддий, ҳам жисмоний ва, энг муҳими, маънавий эҳтиёжларини қондириши керак. Аёллар учун эътибор зарурроқ. Кўнглида бошқа бировнинг муҳаббати бўлган аёл учун-ку, инчунун. Менимча, Дилором ҳадеб ўтмиш билан яшайвермай, фарзандлари учун бўлса ҳам, эрининг эътиборини ўзига жалб қилишга интилгани маъқул эди. Келмаса, бориш керак, гапирмаса, ўзи сўз очсин. Хуллас, эрининг ҳаётида энди ота- онаси, жигарларидан ташқари ўзи ҳам борлигини билдирсин. Ахир, эркак киши аҳли аёли, оиласи учун масъул-ку!
2-вазият
Кутилмаган бахт
Нагиза ўртоқларининг олдига кўзида ёш билан чиқди: «Тўйим бўлаяпти, қизлар». Дугоналар ҳайрон: ўн саккизга тўлган қиз ҳам тўйи бўлаётганида йиғлайдими? «Сенлар билмайсанлар-да! Дадам мендан бир оғиз ҳам сўрамади. Ҳатто онамга ҳам индамай, ўғли учун қўлимни сўраб келган оғайниларига тўн кийдириб юборибди». Шу куни қизлар уни овута олишмади. Тўйгача Наргиза йигит билан зўрға бир марта кўришди ва табиийки, уни ёқтирмади. Аммо йигит унга бир кўришдаёқ ошиқ бўлиб қолганди. Орадан ўн йил ўтиб, дугоналар яна учрашишди. Улар орасида энг бахтлиси Наргиза эди, чунки у севимли рафиқа эди. Эри ҳар 10 дақиқада қўнғироқ қилиб, ҳол-аҳвол сўрар, у ҳам оғзидан бол томиб турмуш ўртоғини мақтарди. «Эҳ, қизлар, ўшанда ғирт аҳмоқ бўлган эканман! Абдулла акам шунақанги ажойиб инсон эканлар-ки! Бошида уни кўргани кўзим йўқ эди. Аммо у сабр билан кўнглимга йўл топди. Ўн йил ичида уч фарзандимиз билан бирга муҳаббатимиз ҳам туғилди, синовлардан ўтди ва мустаҳкамланди», деди у гул-гул ёниб.
Мутахассис фикри: — Ҳисоб-китоб билан қурилган оила ҳамиша ҳам хато бўлавермайди. Баъзида у бахтли тасодиф бўлиши мумкин. Наргизанинг тақдирида ҳам шунақанги бахтли тасодиф содир бўлган. Кўпчилик «Аввал муҳаббат, кейин оила» деган формулага қаттиқ ёпишиб олади. Аммо ҳаёт ўзининг кутилмаган совғалари билан қизиқ-да! Баъзан муҳаббат тўйдан кейин ҳам пайдо бўлиши мумкин. Аёл киши учун севмоқ эмас, севилмоқ муҳимроқ. Агар эркак аёлини чин дилдан севса, унинг қалбида бунга жавобан илиқ туйғулар уйғота олади. Бундан ташқари, оила — мунтазам ҳаракатдаги жараён. Кеча бир-бирини кўргани кўзи йўқ эр-хотинлар бугун тинч- тотув яшашда давом этишлари мумкин. Асосийси, ҳар кимга ҳам имконият бериш керак. Агар Наргиза «Мен эримни севмайман» деб туриб олганида ёки ажрашиб кетганида, ўзини ҳақиқий аёллик бахтидан мосуво этган бўларди. Тушунишимча, нафақат эри, балки Наргизанинг ўзи ҳам ораларида муҳаббат туғилиши учун ҳаракат қилган. Бундай оилаларга хавас қиламиз.
3-вазият Мажбурий никоҳ
Муяссар онаси-ю амма-холаларининг таъна- дашномларидан қочиб, дам олиш куни бўлишига қарамай, ишхонасига кетиб қолди. Хонасини очиб ичкари кирди-ю, ўриндиққа ўзини ташлаб, йиғлай бошлади. Нега уни ҳеч ким тушунмайди, ҳамма ўзича маслаҳат бераверади? Нима, у муҳаббатга нолойиқми? Фақат ёши 25 га чиқиб, турмуш қуриш вақти етгани учунгина дуч келганга эрга тегиб кетавериши керакми? Ўқимишли, дунёқараши кенг қиз бўлса, севиб- севилишни, бўлажак турмуш ўртоғини синаб-билиб, кейин оила қуришни истайди. Шу ёшгача кутди. Аммо у орзу қилган муҳаббат келмади. Юрагини жиз эттирадиган, оромини ўғирлайдиган йигит топилмади. Бироқ муҳаббатсиз оила қургиси йўқ. Қани энди буни катталарга тушунтириб бўлса...
Мутахассис фикри: — «Агар аёлнинг турмуш қуриш вақти етса-ю, бунинг учун мос номзод топилса, аёл, одатда, рози бўлади». Барчамизга маълум ва севимли «Тақдир ҳазили» фильмининг қаҳрамони шундай дейди. Лекин баъзан Муяссарга ўхшаб исён қиладиганлар ҳам топилиб қолади. Бу олий маълумотли, ақлли қизларнинг кўпчилигига хос хусусиятдир. Шунинг учун ҳам ота- оналар баъзан «Эси кирмай эрга бериб юбора қолай», деб шошилишади. Бироқ оила шошиб, вақтинчалик қуриладиган иморат эмас. Унга ақл билан ёндашиш керак. Тўғри, «Муҳаббатим келмади», деб кутиб ўтириш ҳам ақлдан эмас. Баъзан оилалар муҳаббатсиз, ҳисоб-китоб, ўзаро манфаат асосида қурилади ва мустаҳкам бўлади. Баъзида эса муҳаббат билан қурилган оилаларнинг умри узоқ бўлмаганини ҳам кўрамиз. Ҳисоб-китоб билан қурилса-да, бу иттифоқдан ҳар икки томон ўзича манфаат олиши керак. Яъни, йигитда ҳам, қизда ҳам ҳисоб-китобли никоҳга эҳтиёж бўлиши лозим. Ўшандагина бундай оилавий ҳаёт узоқ давом этиши мумкин. Шунчаки қариқиз бўлиб қолмаслик учунгина оила қуриш – нотўғри қарор. Чунки ўртада бир эмас, икки инсоннинг тақдири барбод бўлиши хавфи бор.
Хулоса: — «Тўйгача муҳаббат – пишган ош, уни сузиб ейиш қолади, холос. Тўйдан кейинги муҳаббат эса энди олов ёқилган қозон – унга нима солишни-ю, қандай таом пиширишни эр-хотин ҳал қилади». Қадимги файласуфлардан бири шундай деган экан. Ўртада муҳаббат уйғонмай туриб оила қуришга аҳд қилган экансиз, тушкунликка тушманг. Ҳаммаси олдинда, қолаверса, бари ўзингизга боғлиқ. Яхши ният билан қизиб турган қозонингизга масаллиқ солаверинг. Насиб қилса, бир умр есангиз ҳам тамом бўлмайдиган ва жонга тегмайдиган мазали таомнинг соҳиби бўласиз. |