Бақлажонли кабоб Масаллиқлар: 0,5 кг. қўй гўшти, 350 г бақлажон, 40 гр. ўсимлик ёғи, туйилган қора мурч ва туз керак бўлади. Тайёрланиши: қўй гўштини ювиб, ўртача бўлакларда (бир хил катталикда) тўғраймиз. Уни мурч ва туз билан аралаштириб, 30 дақиқага бостириб қўямиз. Бақлажонни эса тенг икки бўлакка бўламиз. Унинг мағзини олиб, ичига гўшт бўлакларини соламиз. Кабоб шундай сихланиши керакки, бақлажоннинг иккала учи ва унинг ичидаги гўшт бўлакларига сих ўтсин. Сўнг уни чўғ иссиғида пиширамиз. Бақлажон куйиб кетмаслиги учун устидан ўсимлик ёғини томчилатиб туриш керак.
“Увоқча” пирожнийси Масаллиқлар: 500 гр. буғдой уни, 200 гр. шакар, 200 гр. сариёғ, 2 дона тухум, 500 гр. мураббо, озгина истеъмол содаси, сирка ва қанд упаси керак бўлади. Тайёрланиши: ун, шакар, тухум, сариёғ ва сиркада ўлдирилган истеъмол содасини аралаштириб, увоқчалар шаклига келгунча қориштирамиз. Увоқчаларнинг 2/3 қисмини ёғланган листга жойлаштириб, устидан мураббони қуямиз. Қолган увоқчаларни устига сепиб, қизиб турган газ печида қизаргунча пиширамиз. Тайёр бўлган пирожнийга қанд упаси сепиб, дастурхонга тортамиз Сабзавотли пьюре-шўрва Масаллиқлар: 600 гр. суяксиз мол гўшти, чоракта карам, 3 дона картошка, 2 та сабзи, 120 гр. яшил нўхат, 1 дона пиёз, ўсимлик ёғи, туйилмаган мурч, дафна япроғи ва озгина сметана. Тайёрланиши: гўштни қора мурч билан қайнатиб оламиз. Гўшт пишишига яқин қолганда дафна япроғини соламиз. Картошка ва сабзини тўғраб, алоҳида идишда пишириб оламиз. Сўнг уларни пьюре ҳолатига келтириб, кўк нўхат билан аралаштирамиз. Пьюрени ёғда қовуриб, таъбга кўра туз соламиз. Гўштли булонга парракланган пиёз ва карамни солиб, тузини ростлаймиз. Ликопчага аввал пьюрени солиб, устидан парракланган гўштни териб чиқамиз. Устидан шўрвани солиб, сметана билан безатамиз. Дарвоқе, пьюре-шўрвани дастурхонга тортишдан аввал кўкатлар билан безатишни ҳам унутманг. Картошкали котлет Масаллиқлар: 4-5 дона картошка, 0,5 стакан ун, 1 дона тухум, 0,5 ош қошиқ сариёғ, 1 дона пиёз ва 1 стакан томат соуси керак бўлади. Тайёрланиши: қайнатилган картошкани эзиб, сариёғ билан аралаштириб оламиз. Пьюрега майдаланган пиёз, таъбга кўра туз ва мурч соламиз. Уни котлет шаклига келтириб, аввал унга, сўнг тухумга ботириб, қизиган ёғда қовурамиз. Котлетлар қизаргач, уни томатли соус билан дастурхонга тортамиз. Ҳам осон, ҳам арзон салат Масаллиқлар: 4 та сосиска, 2 та бодринг, қизил сабзи ва помидор, 150-200 гр. яшил нўхат, 250 гр. мойонез ва бир боғ укроп керак бўлади. Тайёрланиши: кизил сабзини сувда пишириб оламиз. Сосискаларни ёғда қовуриб, майда тўртбурчак шаклида тўғрайман. Барча масаллиқларни ҳам худди шу шаклда тўғраймиз. Уларни бир идишга солиб, таъбга кўра туз сепамиз. Сўнг мойонез билан аралаштирамиз. Салатни дастурхонга тортишдан аввал укроп билан безатамиз. |