Россиянинг Петропавловск- Камчатск шаҳар суди маҳаллий туғуруқхона 2008 йилда вафот этган уч эгизакнинг ўлими учун 3 миллион рубль тўлаши ҳақида қарор чиқарди. Бу пуллар эгизакларнинг ота-онасига тўланади. Муддатидан олдин туғилган бир қиз ва икки нафар ўғил чақалоқлар икки кун ҳам яшамаган. Улар нафас олиш бузилиши синдромидан вафот этган. Суднинг аниқлашича, туғуруқхона бир вақтнинг ўзида уч нафар эгизакка реанимация ёрдами кўрсатишга тайёр бўлмаган. «Туғуруқхонада чақалоқлар учун мўлжалланган ўпканинг сунъий вентиляция аппаратлари, кувезлар (инкубаторлар) ва бошқа керакли аппаратлар бўлмаган», – деди шаҳар судининг матбуот котиби. Шунингдек, туғуруқхонада интенсив терапия ва чақалоқлар учун реанимация палаталари, малакали мутахассислар етишмаган. Чақалоқларни бошқа шифохонага жўнатиш керак бўлган, бироқ бу иш ҳам қилинмаган.