Кеча Қирғизистонда бўлиб ўтган президентлик сайловларида бош вазир, Социал- демократик партия етакчиси Алмазбек Атамбаев ютиб чиқди.Бюллетенларнинг
99,96 фоизи санаб чиқилганда, А.Атамбаевга сайловчиларнинг 63,24 фоизи овоз берганлиги маълум бўлди. Унинг рақиблари – «Яхлит Қирғизистон» партияси раҳбари Адахан Мадумаров 14,76 фоиз, «Ота юрт» патияси раҳбари Қамчибек Ташиев эса 14,33 овоз тўплади. Ушбу сайловда оз эмас-кўп эмас, нақ 16 та номзод президентликка даъвогарлик қилган эди. Алмазбек Атамбаев мағлубиятга учраган рақобатчиларига юқори лавозимларни таклиф этишга тайёрлигини билдирди. Йиқилган курашга тўймас, деганларидек, мағлублар сайлов натижаларидан мамнун эмас. Жумладан, Қамчибек Ташиев сайловда овозларни сотиб олиш, сайлов рўйхатларини аламаштириш ҳамда сайловчиларга пўписа қилиш каби кўплаб қонунбузарликлар аниқланганини таъкидлаган. Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси раиси Туйғунали Абдураимов ҳам овоз бериш жараёнида қонун бузилишлари қайд этилганини, бироқ улар овоз бериш натижаларига таъсир кўрсатмаслигини айтган.