Пародонтознинг олдини олиш учун қайси тиш пастасидан фойдаланган маъқул? Пародонтоз профилактикаси учун энг маъқули таркибида фтор, триклозан ва хлоргексидин тутган тиш пасталаридир. Тиш чўткаси эса ўртача қаттиқликда ва қулай бўлсин. У тиш карашини ва тишлар орасини тозалайди, милкни ўзига хос массаж қилади. Албатта, вақти-вақти билан чўткани алмаштириб туришни унутманг. Маълумотларга қараганда, тишни ўраб турувчи тўқима, яъни пародонт касалликлари дунё аҳолисининг 75 фоизида учрар экан! Бу касалликларнинг асосийлари иккита: пародонтит ва пародонтоз. Пародонтитда пародонт яллиғланиши оқибатида биринчи навбатда милк қонайдиган бўлиб қолади, кейин сўлак қуюқлаша бошлайди. Аста-секин тишлар қимирлаб, тушиб кетади. Пародонтозда ҳам тиш атрофи тўқималари зарарланади, лекин яллиғланиш, яъни шиш, қонаш, қизариш бўлмайди. Пародонт қуйидаги сабаблар натижасида касалланади: оғиз бўшлиғи гигиенасига тўғри риоя қилмаслик, сифатсиз пломба ва қопламалар, витамин етишмаслиги, наслий мойиллик, тишлам (прикус)нинг бузилишлари, нотўғри танланган гигена воситалари, бир ёки бир нечта тишларнинг йўқлиги, гормонал бузилишлар ва ҳоказо. Пародонт касалликларининг олдини олиш учун эрталаб ёки кечқурун милкларни толалари қаттиқ бўлмаган болалар тиш чўткаси билан массаж қилинг. Чўткани илиқ сувда чайинг, толаларини қўлда эзғиланг. Оғизни яхшилаб чайинг. Олдин милкларнинг ташқи, кейин тил ва танглай юзасини массаж қилинг. Тишдан лаб, лунж, танглай томонга йўналтирилган ҳаракатлар билан 2-3 дақиқа давомида массаж қилинг. Кейин тиш эликсири ёки шифобахш гиёҳлар дамламаси билан оғизни чайинг