Швейцарияда жойлашган «Пресс эмблем кампань» (ПЭК) нодавлат ташкилотининг хабар беришича, бу йил дунёнинг турли нуқталарида 106 нафар журналист ҳалок бўлди. Шулардан 20 нафари «араб баҳори» воқеаларини ёритаётган маҳал ҳаёт билан видолашган. 2011 йилда Мексикада 12 нафар, Покистонда (айниқса, Афғонистон билан чегара ҳудудларида) 11 оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳалок бўлди. Ироқ ва Ливияда эса 7 тадан, Филиппин, Бразилия ва Гондурасда 6 тадан, Яманда 5 та, Сомалида 4 та, Афғонистон, Миср, Ҳиндистон, Перу ва Россияда эса 3 тадан журналист ўлдирилди. «Бу журналистларнинг учдан икки қисми, яъни 70 нафарга яқини қасддан ўлдирилган, бу ҳолат, айниқса, Лотин Америкасида кўп кузатилган. Қолганлари эса намойишлар, жанглар, терактлар чоғида ёки мина портлаши натижасида ҳалок бўлган», – дейди ПЭК бош котиби Блез Лемпен. |