Тошкентдаги Dedeman меҳмонхонаси маъмурияти шу йилнинг 11 ноябрид атуғилган чақалоққа 1111 доллар совға қилди.
Совға сертификати пойтахтнинг Миробод туманида жойлашган 5-туғруқхонада қизалоқнинг ота- онасига топширилди. Қизиғи, Николь Шестак исмли бу қизалоқ 11 ноябрь куни соат 11 дан 11 дақиқа ўтганда дунёга келган. Туғруқхона бош врачи Павел Евстигнеевнинг билдиришча, шу куни бу ерда бошқа чақалоқ туғилмаган. Николнинг онаси Виолетта Полтавченко кутилмаган совғадан хурсанд бўлди, албатта. Унинг 15 ёшли ўғли ҳам бор, турмуш ўртоғи бўёқ заводида ишлайди. «Болалар – бизнинг бахтимиз, улар билан боғлиқ ҳамма нарсани алоҳида қадрлаймиз, – дейди Dedeman меҳмонхонаси бош менежери Жанлука Тоззо. – Яхшилик қилиш учун бирор кунни кутиб ўтириш шарт эмас, ҳаёт эканмиз, ҳар куни, ҳар дақиқа яхшилик қилишга улгуришимиз керак». Унинг маълум қилишича, меҳмонхона маъмурияти Янги йил байрами арафасида пойтахтдаги «Меҳрибонлик» уйлари ва кам таъминланган оилалар фарзандлари учун хайрия акцияси ўтказишни режалаштирган.